Харид саватчасида 0 маҳсулот(лар) - 0 сўм

 

«Ҳилол-нашр»дан Рамазон туҳфалари

Муборак Рамазон ойи яқинлашган сари Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмон бандаларига раҳмати, лутфу карами тобора кўпайиб бораверади. «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ҳамда Ислом.уз порталида ҳам Рамазон туҳфалари мавсуми бошланиб кетди. Қуръон ойи бўлмиш моҳи Рамазон арафасида юртдошларимизга икки гўзал туҳфа армуғон этилди.

Бугун «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг севимли шогирди, «Ислом ота» жомеъ масжидининг имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг «Хатми Қуръонга марҳабо!» китоби ҳамда «Қуръон тартили» сабоқларини сиз азиз мухлисларга тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимига юртимизнинг дин пешволари, уламолар, аҳли Қуръонлар ва бошқа кўплаб азиз меҳмонлар ҳозир бўлишди. Нашриётимизга Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг раиси, муфтий Усмонхон Алимов илк бор ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратлари пойтахтимиз бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло қори, «Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов ҳамда бошқа кўплаб меҳмонлар билан биргаликда янги қурилган «Ҳилол-нашр» марказий савдо дўкони ҳамда босмахона мажмуаси билан танишиб, бу илм-маърифат масканларига ривожу баракот тилаб, дуолар қилишди.

Шундан сўнг барча меҳмонлар мажлислар залига кўтарилгач, тақдимот маросими бошланди. «Чимир ота» жомеъ масжиди имом ноиби Абдулбосит қори Абдуллажонов меҳмонларни муборакбод этгач, тантанани очиқ деб эълон қилди. Анъанага мувофиқ, маросим Қуръони Карим тиловати билан бошланди.

Дастлабки табрик сўзи Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига берилди. Муфтий ҳазратлари «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида олиб борилаётган хайрли ишларга баракот тилаб, буларнинг барчаси аввало Аллоҳ таолонинг инояти, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг самараси ҳамда юрти учун, халқи, дини учун қайғураётган юртимиз раҳбарининг эзгу ниятли саъй-ҳаракатлари натижаси эканини айтдилар, хайрли дуолар қилиб, жумладан, шундай дедилар:

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!

Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз бўлсин!

Ассалому алайкум, муҳтарам азизлар, мўмин-мусулмон биродарлар! Бугун сиз билан биз ҳаммамиз учун қадрли ва ҳурматли бўлган марҳум устоз, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ асос солган, айни дамда илм-маърифат зиёсини эл-юртга таратиб келаётган муборак бир масканда, Ҳилол нашр нашрёт-матбаасида жамул-жам бўлиб турибмиз. Бу йиғилишимиз аввало устозни хотирлаш, ушбу шукуҳли дамларда, Рамазони шарифнинг хуш ифори уфуриб келаётган ажойиб соатларда у кишини йўқлаб дуо қилиш ва қолдирган бой илмий меросларини тарғиб қилиш учундир... Қолаверса, Қуръони Каримга доир янги бир асарнинг нашр этилгани тантанаси, эълони учун тўпланиб турибмиз.

Муҳтарам азизлар! Ҳозирда биз юртимиз тинчлиги, осудалиги ва давлатимиз тарафидан халқимиз, хусусан, мўмин-мусулмонлар учун яратиб берилаётагн шароит ва эркинликлар соясида мана шундай гўзал бир мажлисда эмин-эркин йиғилиб ўтирибмизки, бу неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилсак, оз.

2017 йил 8 май куни юртимизда жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилаётганини ҳаммаларингиз кўриб, кузатиб, бунинг тирик гувоҳи бўлиб турибсиз. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимиз тараққиётнинг янги бир поғонасига кўтарилди. Ҳар жабаҳада улкан ўзгаришлар, ўсишлар барқ урмоқда. Хусусан, дин-диёнат соҳасида ҳам жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улуғ алломларимизнинг ҳаётларини ўрганишга, меросларини тирилтиришга қаттиқ аҳамият берилиб, жуда ҳам катта-катта режалар тузилиб, лойиҳалар ишланиб, уларни жадаллик билан бажаришга киришилмоқда... Буларнинг барчаси сиз билан бизнинг бахту саодатимиздир.

Юртимиз Аллоҳ назар қилган юрт. Шунинг учун бу муборак заминдан жуда улуғ алломалар етишиб чиққан. Уларнинг охирги вакилларидан бири устоз Шайх ҳазратлари эдилар. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин, жуда катта илмий тикланишни бошлаб бердилар ва ўзларидан улкан маънавий мерос қолдирдилар. Асарлар ёздилар, шогирдлар тарбияладилар. Алҳамду лиллоҳ, «оққан ариқ яна оқади», деганларидек, бугун ҳам ана ўша уламои киромларимизнинг меросхўр шогирдлари, маънавий авлодлари бўлган ёш олимларимиз, тадқиқотчи улмоларимиз юртимиздаги бу юксак руҳият ва имкониятлардан фойдаланиб эл-юртга илм-маърифат зиёсини таратишда давом этмоқдалар, янги-янги марраларни заб этмоқдалар. Ушбу йиғилишимизнинг асосий сабаби ҳам ана шундай ютуқлардан бирининг шодиёнасидир. Яъни ёш тадқиқотчиларимиздан бири, муҳтарам Ҳасанхон қорининг «Хатми Қуръонга марҳабо!» номли рисолаларининг тақдимоти муносабати билан йиғилиб турибмиз.

Бу китоб ҳажми кичик бўлса-да, мазмун-моҳиятига кўра анчагина катта китоб, десак, хато бўлмайди. Қори домла китобни тайёрлаб, бир нусхани олиб, менинг олдимга борди ва унга сўзбоши ёзиб беришимни илтимос қилди. Мен у кишининг бу илмий ҳаракатларидан, рости, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ёшларимизнинг мана шундай илмга ошно бўлишлари бу бизнинг, халқимизнинг бахту саодати албатта. Китобча билан танишиб чиқар эканман, унинг сермазмун ва халқчиллиги эътиборимни тортди. Асарнинг мавзуси ҳам, услуби ҳам ўзига хос.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозиргача юртимизда Қуръони Каримга доир бир қатор китоблар чоп қилиниб, халқимиз қўлига етиб борди. Аммо ушбу мавзу – хатми Қуръон ҳақида ҳалигача бирор махсус асар йўқ эди. Шу боис, мен бу китобни тездан нашр қилиб, халқимиз, хусусан, қориларимизга тақдим қилиш кераклгини таъкидладим ва китобга тақдим ёзиб, муаллифнинг ҳақларига дуо қилган бўлдим.

Рисола жуда ҳам равон, лўнда тили ва халқчиллиги билан ажралиб туради. Унда жуда кўп қимматли маълумотлар ўрин олган. Айниқса, хатми Қуръон дуосига доир сатрлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Ўйлаймизки, бу китоб аввало қориларимиз учун, қолаверса, барча мўмин-мусулмонлар учун ажойиб қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Ўтган мустабид тузум даврида диний қадрятларимиз топталиб, ҳар қандай диний амалга ёвқараш ҳукм сурган эди. Оддийгина Рамазон ойидаги хатм учун ҳам юқори ташкилотлардан махсус рухсат олиш керак эди. Шунда ҳам узундан-узун маслаҳатлар билан саноқлигина масжидга рухсат тегарди.

Бу ерда устоз қори акаларимиз ўтиришбди, улар яхши билишади, бир пайтлар бутун мамлакат бўйича биргина «Ҳазрати Имом» масжидида хатм қилишга рухсат берилган пайтлар ҳам бўлган. Ана ўшанда устозларимиз, қори буваларимиз юртимизнинг озодлигини сўраб, Аллоҳга ёлвориб дуолар қилишар эди. Хатми Қуръонларда қилинган ана ўша илтижоларнинг ижобат бўлганини бугун сиз билан биз – мустақил Ўзбекистон мусулмонлари ўз кўзимиз билан кўриб, баҳраланиб турибмиз.

Бугун мамлакатимизда 2038 масжид фаолият олиб бормоқда. Диний идорамизнинг кўмаги ва назорати остида уларнинг аксарида ҳар йили Рамазон ойида қориларимиз Аллоҳнинг сўнги каломи Қуръони Каримни хатм қилмоқдалар, халқимиз бу илоҳий армуғондан баҳраманд бўлмоқда. Бундан бағоят мамнун бўлган мўмин-мусулмонлар хатми Қуръон асносида чин дилдан, кўзларида ёш билан эл-юрт ва раҳбару фуқаролар ҳаққига эзгу дуолар қилиб, юртимизнинг равнақини сўраб Аллоҳ таолога илтижолар қилмоқдалар. Бугунги ютуқларимиз замирида мана шу олий тилакларнинг ҳам ҳиссаси беқиёс, албатта.

Ҳозирда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг «Таҳфизул-Қуръон» бўлимида қорилар етишиб чиқмоқда ва юртимиздаги масжидларда ташкил қилинаётган хатми Қуръонларда фаол иштирок этмоқдалар. Бундай қориларни етиштирадиган даргоҳларга яна эҳтиёжимиз бор, иншооллоҳ, бу борада ҳам яхши ниятларимиз, режаларимиз бор. Жумладан, Президентимиз раҳбарлигида Бухордаги «Мир Араб» мадрасасини «Олий мадраса» қилиш лойиҳаси ишланяпти. Унда ҳам Маъҳаддаги каби «Таҳфизул Қуръон» кафедраси бўлиши режалаштириляпти. Бу ҳам яна бир Қуръон даргоҳи бўлади. Аллоҳ насиб қилса, яна кўплаб хайрли ишлар амалга ошади.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг мўъжиз каломидир, энг улуғ каломдир. Аллоҳ билан банда орасида қанча фарқ бўлса, Аллоҳнинг каломи билан банданинг сўзи ўртасида ҳам ўшанча фарқ бордир. Қуръоннинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳарфига улкан савоблар ваъда қилинган. Унинг ҳар бир ояти руҳу танга шифодир. Уни ўқиш ва уқиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир. Аллоҳ таоло Намл сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейишни буюради:

«Мен мусулмонлардан бўлишга амр этилдим ва Қуръонни тиловат қилишга ҳам» (91–92-оятлар).

Ушбу амри илоҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали бутун умматга қаратилгандир. Шу боис, ул зот ўзларига Қуръон нозил бўлиши билан бирга, ҳамиша Қуръон ўқир ва уни хатм қилиб турар эдилар. Ҳар Рамазон ойида ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом билан Қуръонни хатм қилганлари саҳиҳ ривоятларда бор. Шунинг учун Рамазон ойи Қуръон ойи деб аталган ва бу ойда Қуръонни хатм қилиш Ислом уммати учун суннат бўлиб қолган. Саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар ва улуғ аждодларимиз ҳам ҳамиша Қуръон ўқиб, уни хатм қилиб турганлар, хусусан, муборак Рамазон ойини Қуръон ойи ўлароқ ўтказишга алоҳида эътибор берганлар. Имом Молик, Суфён Саврий ва имом Бухорий каби алломаларимизнинг Рамазон ойи кириши билан бошқа илмий давраларни тўхтатиб, ҳаммасининг ўрнига Қуръон хатм қилишга ўтишлари ҳам барчамиз учун ибрат бўлиши керак.

Бугунги кунда юртимиздаги хатми Қуръонлар кўп жиҳатдан намунали ва гўзал тарзда ўтказилмоқда. Қориларимиз ҳам жуда яхши, тажвидлари ҳам, ҳифзлари ҳам, тараннумлари ҳам ниҳоятда гўзал. Кўп юртларда қорилар ёддан хатмга ўта олмайди, Қуръонга қараб ўқиб беришади. Аммо бизнинг қориларимиз, алҳамду лиллоҳ, бу маънода жуда ҳам дадил. Хатмдаги ташкилотчилик ишлари ҳам бизда анча яхши йўлга қўйилган. Аммо эндиликда бу хусусда ҳам юқори илмий савияга кўтарилишимиз, хатми Қуръонларни янада мукаммал, янада манфаатли шаклда ўтказишимиз лозим. Хусусан, қориларимиз бу маънода ўз устиларида яна ҳам кўпроқ ишлашлари, Қуръони Каримнинг тажвидини, унинг маъноларини, ахлоқу одобини ҳам пухта эгаллашга ҳаракат қилишлари лозим. Хатми Қуръонда иштирок этаётган кишиларимиз ҳам Қуръонга нисбатан одоб билан, ихлос билан муносабатда бўлишда яна янги поғоналарга кўтарилишлари керак. Ушбу «Хатми Қуръонга марҳабо!» китоби айнан мана шу мақсадларга қаратилган. Уни ҳар бир қори, хатмга қатнашмоқчи бўлган ҳар бир намозхон, қўйинки, ҳар бир мусулмон ўқиб, уқиб, ҳаётига татбиқ этиши лозимдир.

Китобда хатми Қуръон қилишнинг тарихидан бошлаб, бугунги кунда Рамазондаги хатми Қуръонларни қандай ўтказиш лозимлигигача сўз борган. Унда муаллиф қориларга алоҳида тавсиялар, жамоатга алоҳида тавсиялар ва ташкилотчиларга яна алоҳида маслаҳатлар тақдим қилган. Шу билан бирга, яқин ўтмишимиз, ўтган асрдаги Қуръон устозларига ҳақида ҳам жуда қимматли маълумотлар киритилган. Хусусан, китоб охиридаги хатми Қуръон дуосини мавзуларга бўлиб берилиши жуда ҳам яхши иш бўлган. Бундай қилишдан мақсад ‒ дуогўй киши жамоатнинг имкониятига қараб ҳар мавзуда керагича дуоларни танлаб ўқисин. Баъзи жойларда айрим кишилар қаердандир ўқиб ё эшитиб олган узундан-узун дуоларни ёдлаб олади-да, кейин ҳеч қаёққа қарамай ўша дуони тўлиқ ўқийверади, вазиятга қараб танлай олмайди. Бу кўпчиликка малол келади, бизга кейин одамлар шикоят қилишади. Дуоларни мана бу китобдаги каби тартибга солиниши эса ана шундай ноқулайликларнинг олдини олишга хизмат қилади...

Китобнинг мавзулари ва тафсилотлари билан мен кўп тўхталмайман, чунки бу ҳақда бошқа домлаларимиз ҳам ўз сўзларини айтсалар керак. Шу боис, шу ерда сўзимга якун ясаб, муаллиф Ҳасанхон қорининг ижодларига барака тилаб қоламан. Аллоҳ бундан кейин ҳам яхши асарларни яратиб, эл-юртга улкан хизматлар қилишларини муваффақ айласин! Мана шундай қуръоний зиёфатларимиз кўпайиб бораверсин!

Шу фурсатдан фойдаланиб, устознинг ишларини давом эттириб турган Исмоилжон домла бошлиқ ушбу «Ҳилол нашр» нашрёти жамоаси, Ҳазратнинг шогирдлари, юртимиздаги барча қориларимиз ва бизнинг сўзларимизни эшитиб турган барча мўмин-мусулмонларни кириб келаётган Рамазон ойи билан муборакбод этаман ва келгуси ишларингизда Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаб қоламан.

Аллоҳ таоло ўтган қори буваларимиз, Қуръони Каримни бизгача етиб келишида хизмат қилган барча устозларни Ўз раҳматига олсин. Мана бу ерда бир қанча ёши улуғ қори устозлар ўтиришибди, Аллоҳ буларни узоқ йиллар саломат қилсин. Ёш қориларимиз, толиби илмларимизга илми Раббоний, илми ладунийлардан бериб, Қуръони Каримга, эл-юртга яхши хизматлар қилишларини насиб айласин. Ҳозирда Қуръон хизматида турган қори устозларни Аллоҳ саломат қилсин. Уларнинг баракасидан юртимиз янада осуда бўлиб, халқимизнинг ичу таши илоҳий калом нури билан мунаввар бўлиб бораверсин!

Вассалому алайку ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

 

Шундан сўнг меҳмонларга ташаккур айтиш ҳамда Ҳасанхон Яҳёни муборакбод этиш учун сўз Исмоилжон Муҳаммад Юсуфга берилди. Исмоилжон ҳожи ҳамду санодан сўнг тақдимот маросими меҳмонларини бугунги шодиёна билан муборакбод этиб, шундай деди:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Муқаддас Каломининг нузулини «Яратган Роббингнинг исми ила ўқи» деган ояти каримадан бошлаб, бандаларини Қуръон ўқишга, илм-маърифат ўрганишга буюрган Роббимиз Аллоҳ табарока ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

«Яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир» деб марҳамат қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Ассалому алайкум муҳтарам муфтий ҳазратлари!

Ассалому алайкум муҳтарам устозлар, азиз меҳмонлар, аҳли Қуръонлар!

Бугунги тақдимотимизга қадам ранжида қилиб, ташриф буюрган барча азизлар, ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Хуш келибсиз! Қувончимизга шерик бўлиб, бугунги тақдимотга ҳозир бўлганингиз учун Аллоҳ қадамларингизга ҳасанотлар ёзсин!

 

Устозимиз, падари бузрукворимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари бошлаб кетган бир ажойиб, гўзал анъана бор. У зот ҳар йили бошимизга соябон бўлиб кириб келаётган моҳи Рамазонни муносабати билан халқимизга бир қанча туҳфалар тақдим этар эдилар. «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ҳамда Ислом.уз портали ҳам бу анъанани давом эттиришга баҳолиқудрат ҳаракат қилмоқда.

Алҳамдулиллаҳ, бугун ана шу ҳаракатларнинг самарасини сиз азизларга, халқимизга тақдим этиш насиб қилиб турибди. Бугун шайх ҳазратларининг севимли шогирдларидан бири – Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сиз азизларга икки гўзал туҳфани ҳадя этяптилар. Бу туҳфаларнинг ҳар бири юртимизда Қуръонга хизмат борасидаги улкан воқеадир. Уларнинг бири – «Хатми Қуръонга марҳабо» деб номланган китоб бўлса, яна бири «Қуръон тартили» сабоқларидир.

Рамазон – Қуръон ойи. Бу ойда Қуръонга муҳаббатимиз, мулоқотимиз ҳар доимгидан кўра кучлироқ, кенгроқ ва шавқлироқ бўлади. Бу ойда барча масжидларимизда таровеҳ намозларида хатми Қуръонлар бўлади. Бугун эътиборингизга тақдим қилинаёган ушбу мўъжаз китобча барчамизни – аҳли Қуръонларни ҳам, қориларимизни ҳам, сомеъларимизни ҳам ушбу Қуръон байрамига тайёрловчи ажойиб қўлланма бўлади, иншааллоҳ. Ушбу китобчадан хатми Қуръоннинг тарихи, аҳкомлари, одоблари, дуолари каби ниҳоятда керакли, дунёю охиратимиз учун манфаатли маълумотларни ўқиб-ўрганамиз. Бу китобчани ўқиб, билимларимизни янгилаб, кўпайтириб олсак, хатми Қуръон ибодатларимиз янада комил, янада завқли, янада холис ва шукуҳли бўлади.

Қори домламизнинг иккинчи туҳфалари ҳам ўзига хос Рамазон туҳфаси бўлиб, нафақат хатми Қуръон учун, балки умуман Қуръони Карим тиловати учун пойдевор, тамал тоши вазифасини ўтайди. Қуръон тартили сабоқларидан кўзланган мақсад – уни тажвид билан ўқишдир, яъни Аллоҳ таоло уни қандай нозил қилган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қандай ўқиган бўлсалар, шундай ўқишни ўрганишдир. Муаллиф юқорида зикр қилинган набавий ҳадисга тўлиқ риоя қилган ҳолда, Қуръонни ўрганиб, энди уни ўргатишни ният қилибдилар, Аллоҳ таоло ажру мукофотларини зиёда қилиб ато этсин, динимизга, Қуръонга қилаётган хизматларини бардавом ва баракотли қилсин, қориларга ваъда қилган мукофотларини ато этсин, тарбия берган, ўқиб-ўргатган ота-оналарига, барча устозларига иззат тожини кийдирсин.

Азизлар, бугунги тақдимот якунида яна бир қувончли хабарни етказмоқчимиз. Барчангизга маълумки, Аллоҳ таоло устозимиз шайх ҳазратларига ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш «Тафсир Ҳилол»нинг ҳамда «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг катта қисмини ҳарами шарифда – Мадинаи Мунавварада, Маккаи Мукаррамада ёзишни тақдир қилган эди. Бу муборак масканларнинг файзи, баракотининг самарасидан падари бузрукворимизнинг бу ва бошқа барча ёзган асарлари халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олди, севиб ўқилди ва ўқиб келинмоқда. Эндиликда Аллоҳ таоло Ўзининг инояти билан ушбу асарларнинг барчасига ҳарамайни шарифайн – икки ҳарами шарифдаги кутубхоналар ўрин олишни насиб қилиб турибди. Ҳарамайн мактабаси билан келишувга мувофиқ, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг барча асарлари Мадинаи Мунавварада, Маккаи Мукаррама кутубхоналарига қўйиладиган бўлди. Бундан буён дунёнинг турли чеккаларидан ҳаж ва умра сафари ниятида икки ҳарамга борган ҳожиларимиз устозимизнинг китобларини ўз она тилларида ўқиб, улардаги илм-маърифатдан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлди. Куни кеча китоб карвонининг биринчи қисми «Ўзбекистон почтаси» орқали Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Парвардигоримизнинг бу азиз бандасига, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон ватанимизга кўрсатган икромлари барчамизга муборак бўлсин! Падари бузрукворимизнинг хулуси ният билан, кўз нурини тўкиб, риёзат чекиб ёзган китоблари динимизнинг маркази бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи саодатлари жойлашган, Каъбаи Муаззама жойлашган муқаддас масканга муносиб кўрилган экан, бу улуғ шараф у зоти муҳтарамга муборак бўлсин, Аллоҳ таоло Ўз мағфиратига олсин, олиму боамалларга ваъда қилган неъматларига буркасин!

Бу қувончимизга шерик бўлиш учун қимматли вақтларини аямай, бугунги тақдимотимизга ҳозир бўлган, устозимизга ҳаётликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам садоқат изҳор қилган сиз азизларга ўз номимдан, оиламиз номидан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ҳамда Ислом.уз портали ходимларининг номидан самимий миннатдорчилик билдираман.

Аллоҳ таоло хайрли ишларимизни бардавом айласин, меҳр-оқибатимизни мустаҳкам қилсин, юртимизни тинч, халқимизни фаровон қилсин!

Шундан сўнг «Хатми Қуръонга марҳабо» китобини Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло қори  тақдим қилиб, ушбу китобнинг қисқача мазмуни, таркиби, фазилатлари ҳамда бошқа гўзал жиҳатлари ҳақида тўлқинланиб сўзлади.

«Қуръон тартили» сабоқларини тақдимот қилиш учун сўзга чиққан Баҳодир қори аввало Қуръони Каримнинг динимизда, мўмин-мусулмонларнинг ҳаётида тутган ўрни, Қуръон ўрганиш ва ўргатишнинг асрлардан буён узилмас силсила бўлиб, давом этиб келаётганини айтиб, бугун тақдим этилаётган сабоқлар ушбу мунаввар занжирнинг муносиб ҳалқаси бўлганини қувончи билан таъкидлади.

Тақдимот сўнгида муаллиф Ҳасанхон Яҳё сўзга чиқиб, тақдим этилаётган ушбу армуғонлар аввало улуғ устозларимиз бошлаган ишларнинг давом экани, динимизга, Қуръонга хизмат йўлидаги камтарона ҳисса эканини айтиб ўтди. Шунингдек, тақдим этилаётган «Хатми Қуръонга марҳабо» китобининг ёзилиш тарихи, унинг устида ишлаш жараёни, унда муҳокама қилинган мавзулар тўғрисида қисқа айтиб ўтиб, «Қуръон тартили» сабоқларини тайёрлаш жараёни, бу сабоқларнинг ўзига хос хусусиятлари, хусусан, бу сабоқлардаги қоидалар диёримизда кенг оммалашган Усмон Мусҳафига асослангани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов муаллифни ҳамда «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси жамоасини халқимизга тақдим этилаётган ушбу китоб ва сабоқлар туркуми билан муборакбод этиб, бугунги хайрли ишларнинг барчаси Ватанимиз тарихидаги энг оғир кунларда ҳам динимизни, Қуръонни қўлда чўғ ушлагандек авайлаб сақлаган, муҳофаза қилиб, омонат ила биз бахтиёр авлодларга етказиш шарафига муяссар бўлган улуғ устозларимиз, аҳли Қуръонларимизнинг, хусусан, барчамизнинг устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фидокорона хизматлари самараси эканини айтиб ўтдилар.

Тақдимот якунида муаллиф барча меҳмонларга эсдалик ҳадяларини топширди, мухлисларнинг илтимосига биноан янги китобга дастхатлар ёзиб берди.

Тақдимот маросими динимизга ва муқаддас Қуръонимизга хизмат йўлида, Рамазон арафасида қилинган ушбу гўзал армуғон муносабати билан тайёрланга хатми Қуръон билан якунланди.